“МАСНАВИЙ” БОҒЧАСИДАН
БИР КЎЗА СУВ
Усмон Нурий Тўпбош
Published by Osman Nuri Topbas at Smashwords
Copyright © 2010 by Osman Nuri Topbas
Smashwords Edition, License Notes
All rights reserved. No part of this publication may be reproduced, stored in a retrieval system, or transmitted in any form or by any means, electronic, mechanical, photocopying, recording or otherwise, without the prior permission of the copyright owner.
Биринчи нашр
Москва - 2010
Таржимон: Муҳаммад Қобил
Асли тарчума нусхаси: Mesnevî Bahçesinden Bir Testi Su
Osman Nuri Topbaş - İstanbul – 2006
E-mail:english@islamicpublishing.net
Web site: http://www.islamicpublishing.net
Ушбу китоб 2007 йилнинг ЮНЕСКО тарафидан Мавлоно Жалолиддин Румий йили деб эълон қилиниши муносабати билан қайта нашрга тайёрланди.
МУНДАРИЖА
Лайлининг маҳалласини қоровули
Илоҳий қонунлардаги истиснолар ҳикмати
Ҳазрати Мавлоно, Шамс ва Шаби Арус
Гўзаллар соф ва тиниқ кўзгу истаганлари каби, жўмардлик ҳам фақир ва заиф кимсаларни истайди.
Гўзалларнинг ҳусни кўзгуда акс этганидек, инъом ва эҳсоннинг гўзаллиги ҳам фақир ва ғарибларни шод қилиш билан намоён бўлади.
Мавлоно Жалолиддин Румий
Бир фақир бадавий араб жазирама саҳрода хотини билан чодир тикиб яшар эди. Бир кеча хотини:
– Бутун йўқчилик, қийинчиликни биз чекмоқдамиз. Ҳамманинг умри фаровонлик билан ўтмоқда. Фақатгина бизлар фақирмиз. Нонимиз йўқ, қатиғимиз оз. Пиёламиз йўқ, сувимиз кўз ёши... Кундузи кўйлагимиз қуёш, кечаси тўшагимиз ой. Очликдан ойни нон хаёл қилиб ғалаёнга тушамиз. Бу кетишда ҳолимиз нима бўлади? – деб ҳасрат қилди.
Бадавий бунга жавобан шундай деди:
– Эй хотин, қачонгача дунё моли учун ҳасрат чекасан? Бу дунёда қанча умримиз қолди? Ақлли кишилар озкўпга қарамайдилар. Ёшлигингда қаноатли эдинг, қариган сари ҳирсинг ортмоқда. Олтин истайсан, ҳолбуки авваллари ўзинг олтин каби эдинг. Сенга нима бўлди?
Хотин бу сўзларга қулоқ тутмай, жаврашда давом этди:
– Эй номус нималигини билмайдиган одам!.. Сенинг беҳуда сўзларингдан тоқатим тоқ бўлди. Аҳволимизни кўриб уялмайсанми? Менга қаноатли бўл дейсан. Қачонгача сабр қилай? Сабр қачон жонингга оро кирган эди? Ундан кўра, бойиш йўлини изласангчи?
Бадавий:
– Сен аёлмисан ёки бошимга битган баломисан? Мен фақирлигим билан фахрланаман. Бошимни оғритма! Мол, мулк ва пул бошдаги кулоҳ каби бир нарса. Кулоҳ эса калларнинг нажоти. Бойлар қулоғига қадар гуноҳга ботган кишилар бўлиб, бойликлари уларнинг гуноҳларини яшириб туради. Фақирлик нималигини сен қаердан билар эдинг? Фақирликни хорзорлик ўрнида кўрма! Аллоҳ кўрсатмасин, менинг бу дунёдан таъмам йўқ. Кўнглимда эса қаноат ва сабр тўла бир олам бор.
– Эй хотин, жанжални бас қил. Бас қилмасанг, мени тинч қўй. Мен яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам жанжал қила олмайман. Жанжалга тоқатим йўқ. Жанжал уёқда турсин, хотиржам пайтларда ҳам жанжални ўйласам кўнглим беҳузур бўлади... Шунинг учун овозингни ўчир, бўлмаса бошим оққан томонга кетиб қоламан...
Аёл эрининг ўз сўзларидан қайтмаслигини кўриб, кўзига ёш олди, гўё пушаймон бўлди. Бадавий ҳам хотинининг кўз ёшларидан таъсирланиб, айтган сўзларидан афсус чекди.
Эрининг пушаймонлигини сезган аёл унга шундай маслаҳат берди:
– Кўзада ёмғир суви бор. Бутун молмулкимиз шундан иборат. Бу кўзани олиб, подшоҳлар подшоҳининг ҳузурига кир, унга келтирган совғангни тақдим этиб, шундай де:
– Бизнинг бундан бошқа ҳеч бир молмулкимиз йўқ, зотан чўлда бундан яхши совға топа олмайсиз. Подшоҳимизнинг хазиналари тўла бўлса ҳам, унда бундай сув топилмаса керак. Зотан бундай сувни топиш унчалик осон эмас.
Бечора аёл Бағдоднинг ўртасидан Дажла дарёси оқиб ўтишини қаердан ҳам билсин? Шунинг учун ўзи тўплаган сувни мақтагандан мақтади. Эри ҳам уни қўллабқувватлади:
– Ким ҳам бундай совға топа оларди? Ҳақиқатан ҳам, бу кўзадаги ноёб ёмғир суви фақат подшоҳларгагина муносиб!
Бадавий кўзанинг оғзини маҳкам беркитиб, ўзини бир матога ўради да, уни кўтариб, Бағдод томон жўнади. Кўза синиб нетиб қолмасин, суви тўкилмасин, деб уни кўз қорачиғидек асрар эди. Кунлар, ҳафталар ўтиб, ниҳоят Бағдодга етиб келди. Излабизлаб халифанинг саройини топди. Сарой эшигига яқинлашди. Қоровуллар ундан ташриф сабабини сўрадилар. Бадавий:
– Эй муҳтарам зотлар! Мен бир ғариб бадавийман. Подшоҳнинг лутфидан умидвор бўлиб, саҳродан келдим. Бу совғамни подшоҳ ҳазратларига элтинг, подшоҳдан умидвор бўлган кишининг эҳтиёжларига шу йўсинда жавоб беринг. Бу жуда тотли, ширин сув, уни чўлда ёмғир сувларидан тўпладим. Кўзам ҳам янги, чиройли..., деди.
Халифанинг мулозимлари аввалига бу содда ва оқкўнгил бадавийнинг устидан роса кулдилар, сўнгра унинг яхши ниятлар билан олиб келган туҳфасини қабул қилиб олдилар. Сарой орқасидаги сурон солиб оқаётган Дажла дарёсидан бехабар бадавий эса подшоҳдан марҳамат кутиб турарди.
Бадавийнинг сув тўла кўзасини халифа ҳузурига олиб киришган эди, у жуда хурсанд бўлиб, меҳмонни қабулига чорлади. Ундан ҳолаҳвол сўраб, янги тўнлар кийдирди ва мулозимларига:
– Кўзани олтинга тўлдириб, эгасига қайтаринглар. Уйи-га эса дарё йўли билан кемада олиб бориб қўйинглар. У бу ерга саҳро орқали келибди. Дажла дарёсининг йўли эса юртига анча яқин. Шу йўлдан қайтсин, деб амр берди.
Бадавий кемага чиқиб, дарёни кўрганда ҳайратдан саросимага тушиб қолди. Уни ажаблантирган нарса – дарёда шу қадар сув бўла туриб, халифанинг у келтирган сувни олиши эди. Бу ҳолдан Аллоҳга шукр қилар эди.
“Маснавий”:
“Эй ўғил! Бутун дунёни оғзига қадар илм ва гўзаллик билан лиқ тўлган кўза деб бил. Фақат бу кўзада тўлибтошган илм ва гўзаллик Аллоҳнинг ҳикмати бўлган Дажладан бир қатрадир. У яширин бир хазина эди. Тўлибтошиб, тупроқни осмондан ҳам мовийлаштириб юборди. Яширин хазина шу тарзда ошкор бўлиб, тупроқни атласга ўралган ҳолга келтирди. Бу бадавий ҳам Аллоҳнинг Дажласидан бир қатра кўрганида, ҳақиқатда денгиз бўлган бу қатранинг қаршисида кўзасини чилчил синдирган бўлар эди”.
Ҳикояда халифа эшиги деб кўрсатилган жой аслида Илоҳий Даргоҳдир.
Мусулмон киши қанчалик илм ирфон, молмулк ва ибодат соҳиби бўлса ҳам, бу бойликларга ишониб, ўзидан кетмаслиги, уларнинг борлигидан алданмаслиги керак. Бу бойликларини Аллоҳнинг бир лутфи ўрнида кўриб, ўз амаллари эса Дажлага нисбатан бир пиёла сув эканлигини асло унутмаслиги лозим.
Саҳройи бадавийнинг чўлда минг машаққат билан йиққан бир кўза суви унинг учун “оби ҳаёт” эди. Ҳолбуки, бу “оби ҳаёт” Дажлага тўкилгандан кейин бир зумда йўқ бўлиб кетди.
Бани башарнинг ўз имкони даражасида ҳақиқатини идрок қилишга уринган нарсалари, илоҳий қонун ва санъатни англаш даражаси, унинг асл ҳақиқатига кўра Дажланинг бир томчисига ҳам арзимайди... Бу чумолининг ўз инини, балиқнинг аквариумни дунё, деб билиши каби бир нарса. Инсон ҳам ўзининг нодонлигини унутиб, улкан кўзгунинг ёлғонларига ишонади ва худди чумоли ва балиқнинг ҳолига тушади.
Пайғамбар (с.а.в): “Аллоҳим, сен поксан! Сенга тасбеҳ айтаман! Биз сени сенга лойиқ бир маърифат1 билан таний олмадик”, – деган эдилар.
Умматнинг энг етук уламолари ҳам илоҳий қудрат қаршисида ожиз эканликларини яширмаганлар. Халифа Ҳорун ар Рашид бир куни Имом Абу Юсуфдан бир масаланинг ечимини сўради. Имом Абу Юсуф:
– Билмайман, деб жавоб бердилар.
Халифанинг ёрдамчиси Абу Юсуфга қарата:
– Маош ва мансабингиз бўла туриб, нега билмайман демоқдасиз, деб писанда қилди. Бунга жавобан Имом Абу Юсуф:
– Мен билган нарсаларим учун маош оламан. Агар билмаган нарсаларим учун ҳам маош тўлашса, бутун хазина етмас эди”, дебдилар камтарлик билан.
Аллома Имом Ғаззолий ҳам: Билганларим қаршисида билмаганларимни оёқ остига олсам эдим, бошим осмонга етган бўлур эди, дея ўзининг ожизлигини эътироф қилиб, тавозеъ кўрсатган эди. Бу буюк инсонлар билганларидан билмаганлари кўплигини эътироф қилишдан уялмаганлар.
Одам боласининг том маънода аҳамият берган ва суянган амаллари Дажлага нисбатан бир кўза сув эмасми?
Аллоҳ асрасин, қуюқ булутлар қуёш нурига тўсиқ бўлгани каби, инсон қалби ҳам шайтоннинг тахтига айланса, Раҳмоннинг ҳидояти бу қалбларни ёритадими? Инсон Дажладан бехабар бўлгани учун ҳам бир кўза сувни уммон деб ҳисоблайди ва шундай янглиш ишлар ичида ҳалок бўлади.
Жунайд Бағдодий ҳазратлари муз сотувчисига дуч келиб қолади. Сотувчи: “Сармояси эриб бораётган инсонга ёрдам қилинг”, деб нидо қилмоқда эди. Жунайд ҳазратлари бу сўзни эшитиб, ҳушдан кетиб қоладилар.
Дунё сармоясини охират сармоясига олиб борувчи восита сифатида фойдаланма эканмиз, бу дунёдаги амалларимиз шайтонларга ем бўлишда давом этаверади. Натижа эса ғамалам ва алданишдан иборатдир. Аҳмоқона исрофгарчилик ва марҳаматдан бебаҳралик бу дунёнинг бош балоси, охиратда эса азоб сармоясидир. Ўтган кунларимизнинг моҳиятини ўзгартириб бўлмайди. Келажагимизнинг қандай бўлиши номаълум. Дам бу дамдир. Шу дамимизнинг кўнгил ва пешона терларини ҳаёт тупроғига эка олсак, иншааллоҳ, охиратимиз ёруғ бўлади. Шайх Саъдий таъбири билан айтганда: “Ер юзи Аллоҳнинг умумий дас-турхонидир”.
Дунёда Раҳмон сифатининг зоҳири ўлароқ, барча мавжудот ризқлантирилади. Бу маънода дўст, ғаним, итоаткор, исёнкор фарқ қилинмайди. Парвардигоримизнинг марҳамати барча мавжудот учун тенг даражада. Типратиканнинг ўз боласини бағрига босиши, ҳатто кофир бўлса ҳам мазлум дуосининг қабул қилиниши бу марҳаматнинг яққол далилларидир. Оламдаги илоҳий санъат, ҳикмат ва ибрат манзаралари, нафсоний ва тасаввуфий амаллари туфайли асл табиати бузилмаган инсонни маънавият, хилват, софлик, шафқат ва қўрқув каби туйғуларга ғарқ қилади. Хос дастурхон эса Раҳим сифатининг кўриниши ўлароқ охиратда намоён бўлади. Ундан фақат мўминмусулмонларгина баҳраманд бўладилар.
Бу хос дастурхонда инсонга аталган энг гўзал қисмат – Жаннат ва энг улуғ неъмат – Аллоҳ таъолонинг ўн тўрт кунлик ой каби жамолини кўриш саодати мавжуддир. Инсон – илоҳий исмларнинг мукаммал тажаллиси бўлгани учун буюк бир оламнинг кичик бир кўринишидир. Инсоннинг тупроқдан яратилган вужуди мавжудлигининг ташқи кўринишидир. Унинг ҳақиқий мавжудлиги – асрор, нур ва илоҳий ҳақиқатнинг яширин хазинасидир. Инсоннинг мукаррамлик сифати бордир. Яратилишидан кўзда тутилган маърифат денгизидан ўз насибасини олиши ҳам шу омилга боғлиқ.
Парвона шамга бўлган чексиз муҳаббати туфайли ўзини унинг ёниқ шуъласига уриб ҳалок қилгани каби Мансур Ҳаллож ҳам илоҳий денгиз мавжларида ўзини ғарқ қилишга азм этди. Илоҳий тажаллиси туфайли ўртаниб ёнди. Руҳи юксалиб, файз билан тўлган сари нафси заифлашиб бораверди. Ундан қутулишга ҳаракат қилди. Кучли тажаллиларга чидай олмади. Мастлик ҳолатига ғарқ бўлди. “Дўстлар, мени ўлдиринг! Зеро, менинг абадий ҳаётим ўлимимдадир”, деди. Уни тошбўрон қилаётганларида таъсир қилган нарса дўстининг унга бир чиннигул отиши бўлди. Бу дунёдаги шугина марҳамат ва табассум ҳам унга оғир келди.
Бу мисол, бошқача айтганда, фоний мавжудликнинг илоҳий мавжудликка ғарқ бўлиб, банданинг мангулик билан бирлашишини билдиради.
Денгизга тушган бир томчи сувда кўринмай кетгани каби, денгизга тушган инсон ҳам сувдан бошқа нарсани кўра олмайди. Бундай мақомга юксалганлар ҳамма нарсани ва ҳатто ўзларини ҳам Ҳақдан иборат, деб биладилар. Фақат бу бир ҳолдир. Бу ҳол йўқолгач, яна “Ҳақ Ҳақдир, ашё эса ашё”. Ҳадиси шарифда бу ҳолнинг сифати шундай ифодаланади: “Ер юзида тирик ўликни кўришни истаганлар Абу Бакрга қарасинлар”.
Марҳамат ва адолати билан ўзига ҳайкал қўйган ҳазрати Умар (р.а) Шомга кирар экан, навбат етгани учун қулини туяга миндирди. Ўзи эса шаҳарга пиёда кирди. Халқ қулни халифа деб ўйлади.
Ҳазрати Умарнинг вафотидан кейин дўстлари уни туш кўриб: “Раббимиз сизга қандай муомала қилди?” деб сўраганларида: “Алҳамдулиллоҳ, “Раҳмон ва Раҳим” бўлган Раббим бордир”, деган жавобни олдилар.
Ҳазрати Мавлоно: “Модомики, фақир жўмардлик сифатининг кўзгуси экан, билгилки, бу кўзгуга “куҳ” деб нафас юбормоқ нодонликдир”, – деган эдилар. Яъни, фақир ва ғарибга озор бериш учун оғиздан чиққан ҳар бир сўз унинг қалбини яралайди. Худди ойнага “куҳ” деб нафас юборилса, унинг юзи буғланганидек, қалб хиралашади. Унинг порлоқ ва мусаффолиги кетади. Жўмардликнинг карами кўринмай қолади. Амалларимиз, эҳсонларимиз доимо кўз ўнгимизда буюк бўлиб кўрина бошлайди. Бизни чалғитиб, адаштиради. Бизга ёлғон роҳат бағишлайди. Дажладан ва унинг соҳибидан бехабар бўлганимиз учун бир кўза сув кўзимизга дарё бўлиб кўринади.
Дунёвий орзуларимизнинг чек чегараси йўқдир. Қўлимизда бўлган барча нарсани ўзимизники, деб биламиз. Аксинча, биздан бирон фидойилик талаб қилинганда худди ўз бойлигимизни сарфлаётган каби мақомда бўламиз. Омонат ва саховатнинг порлоқ ва зариф кўзгусига доғ тушади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Етимга қаҳр қилма, тиланчининг қўлини бўш қайтарма”, – деб марҳамат қилади.
Мавлоно ҳазратлари бир байтларида лутф этадилар:
“Гўзаллар соф ва порлоқ кўзгу истаганлари каби, жўмардлик ҳам фақир ва заиф кимсаларни истайди. Гўзалларнинг ҳусни кўзгуда акс этганидек, инъом ва эҳсоннинг гўзаллиги ҳам фақир ва ғариблар воситасида юзага чиқади”.
Гўзаллар ўз ҳуснларини томоша қилиш учун кўзгуга асир бўладилар. Ҳатто ўзларини томоша қилиш учун юзи хиралашган ойналарга ҳам бир қараб ўтадилар. Маънавий ва асл гўзаллик бўлган жўмардлик ҳам ўзини бечоралар ва фақирларнинг кўнгил кўзгусида томоша қилади.
Ҳазрати Мавлоно яна шундай дейдилар: “Бинобарин, фақирлар марҳамати илоҳийнинг, карами Раббонийнинг кўзгусидирлар. Ҳақ билан бирга бўлганлар ва Ҳаққа фоний бўлганлар доимо жўмардлик ҳолатидадир”.
“Тафсири ҳазин”да Ҳазрати Жобирдан шундай дейилади:
“Кичкина бола Расулуллоҳнинг ёнларига келди. Онасининг бир кўйлак учун юборганини айтди. Ўша дамда Расулуллоҳнинг устидаги кўйлагидан бошқа кўйлаги йўқ эди. Болага бошқа пайтда келишни айтди. Бола кетди. Қайтиб келдида, онасининг Расулуллоҳнинг устидаги кўйлакни сўраганини айтди. Ҳазрати пайғамбар (с.а.в) ҳужраи саодатга кириб ечиндилар да, кўйлакларини болага бердилар. Шу вақтда Билол (р.а) азон ўқий бошлади. Пайғамбар (с.а.в) устларига киядиган бошқа кийимлари бўлмагани учун жамоатга чиқа олмадилар. Саҳобалардан баъзилари бу ҳолнинг сабабини билиш учун ҳужраи саодатга кирдилар ва Пайғамбар (с.а.в)ни кўйлаксиз ҳолда кўрдилар...”
Бойлик бир омонатдир. Унинг саодати ва лаззатига эришиш маҳрумларнинг изтиробини ҳис қилиш, уларга шафқат ва марҳамат эшикларини очиш билан бўлади.
Ҳазрати Мавлоно шундай дейдилар:
Шафқату марҳаматда қуёш каби бўл!
Бошқаларнинг айбини яширишда кеча каби бўл!
Саховат ва жўмардликда оқар сув каби бўл!
Шиддат ва ғазабда ўлик каби бўл!
Тавозеъ ва хоксорликда тупроқ каби бўл!
Қандай бўлсанг шундай кўрин,
Қандай кўринсанг шундай бўл!
Кўнгилларини жилолантирганлар рангдан ва ҳидлардан оладиган завқлардан қутулганлардир. Ҳар олган нафасларида бир гўзаллик кўрарлар...
Улар илмнинг қобиғидаги (зоҳиридаги) нақшларни тарк этиб, айнул яқин байроғини маҳкам тутганлардир.
Мавлоно Жалолиддин Румий
Бир куни Султоннинг саройига келган Чин мусаввирлари: “Биз турк мусаввирларидан устун ва маҳоратлироқмиз”, – деб иддао қилдилар. Бунга жавобан турк мусаввирлари: “Йўқ, бизнинг маҳоратимиз уларникидан устунроқдир”, – деб бу иддаога қарши чиқдилар. Бу тортишувдан хабардор бўлган Султон мусаввирларни имтиҳон қилмоқчи бўлди. Ҳар икки мамлакат мусаввирлари ҳозир бўлиб, чинликлар ўзларига ажратилган хонанинг деворларини турлитуман ранглар билан безадилар. Турк рассомлари эса ўзларига берилган хонанинг деворларини фақат сайқал бериб, кўзгу каби ялтироқ ҳолга келтирдилар. Натижада Чин мусаввирлари чизган суратлар турк мусаввирларининг хонасида янада порлоқ акс эта бошлади.
Султон аввал Чин рассомларининг хонасига кириб, улар чизган суратларни мақтайди. Кейин эса турк мусаввирларининг хонасига кириб, айни суратларни янада гўзал, янада порлоқ ҳолда кўради ва турк мусаввирлариларини ғолиб, деб эълон қилади. Шу тарзда турк мусаввирлари ҳеч бир сурат чизмасдан Чин мусаввирлари чизган суратларни ўзларининг деворларида жилолантирганлари учун моҳир мусаввирлар, деб тан олинади.
“Маснавий”:
“Сўфийлар турк мусаввирлари кабидир. Уларнинг ўқийдиган китоблари, дарслари йўқ. Яъни зоҳирий илмларнинг мазмуни ичида ўралашиб қолмайдилар, ундан илгарилаб кетадилар.
Аммо кўнгилларига сайқал бериб, мусаффо ҳолга келтирганлари учун истакдан, ҳирсдан, хасисликдан, кинлардан халос бўлганлар.
Бу порлоқ, соф кўзгу кўнгилдир. Кўнгил кўзгусида сонсиз, ҳадсиз суратлар жилоланиши мумкин.
Кўнгилларини жилолантирганлар рангдан ва ҳидлардан оладиган завқлардан қутулганлардир. Ҳар олган нафасларида бир гўзаллик кўрарлар... Улар илмнинг қобиғидаги (зоҳиридаги) нақшларни тарк этиб, “айнул яқин” байроғини маҳкам тутганлардир”.
Пайғамбар (с.а.в) шундай деган эдилар:
“Ўзимдан кейин қоладиган умматларим учун уч нарсадан қўрқаман:
1. Нафсу ҳавога берилиб, йўлдан озишидан.
2. Нафсоний ва шаҳвоний ҳиссиётга берилиб кетишидан.
3. Илм эга бўлгандан сўнг, ғафлатга тушиб қолиши-дан”.
Илм китобийдир. Ирфон эса унинг етук ва моддийлашган шакли. Шунинг учун ҳам илмни ирфон ҳолига келтирмаганлар саёз ва қуруқликда қолиш таҳликаси ичидадирлар.
Кўнгил кўзи билан томоша қилинганда коинот нозик ғоялар, гўзал ҳикматларнинг жумбуши, олам эса бир ибратлар кўргазмаси эканлиги маълум бўлади. Ўзининг турли кўринишлари билан бу дунё имтиҳонга тўла имон дарсхонасидир.
Илоҳий тарбия ва ирода ҳоким бўлган бу оламда уни инкор қилганлар саодатдан маҳрум бўлган ҳаёт етимларидир. Бундай кишилар шаҳватнинг гирдобида чўкиб ҳалок бўладилар.
Охиратнинг зарурий зуҳур ва ҳақиқатини билдириш учун Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Йўқ... Албатта, биладилар сўнгра муҳаққақ ўрганадилар”.
Пайғамбарлар юбориш, уларнинг тили, илми, иршод ва ахлоқи билан дунёни тарбия қилиш илоҳий лутф ва икромнинг кўринишларидир.
Инсон ўзига ва ўзини ўраб турган муҳитга очиқ кўз ва идрок билан қараса, дарҳол биладики:
“Очиқ ва зоҳир бўлган қувват ва салтанат қаршисида ғофил яшаш кулгили ва беҳудадир”.
Оқибатни тушунган ҳар идрок соҳиби яхши биладики, чексиз истакларни, завқ ва сафоларни, ўткинчи фоний савдоларни чегаралаб, қалбдаги бор муҳаббатни илоҳий мақсад сари йўналтириш яратилиш ғоясининг заруратидир.
Жомеъ ва масжидларнинг деворларига ёзилган “Сабрли бўлинг”, “Бу кунлар ўтар кетар”, “Одобли бўлинг” ва “Ҳеч” сўзлари мудҳиш ҳақиқатнинг акс садолари ва огоҳлантириш таълимотидир.
Пайғамбар (с.а.в):
“Агар Аллоҳдан ҳақиқатан ҳам қўрқсангиз, ҳақиқий билим билан ашёларни таний бошлайсиз”.
“Агар Аллоҳни ҳақиқати билан танисангиз, дуоларингиз билан тоғлар ўрнидан қўзғолади”, – деган эдилар.
Имом Ғаззолий илмнинг зирвасига эришган кунлари ҳақида шундай дейди:
“Ақлий ва шаръий илмларни тўла эгаллаган эдим. Жуда кўп шогирдларим бор эди. Қарасам турли эҳтиромларга ўралиб қолибман. Шунда илм орттиришдан мақсадимни тушунгандай бўлдим. Амалим Аллоҳ ризоси учун эмас, обрў мартаба савдоси ва шон шуҳрат орзуси йўлида экан. Билдимки, ҳалок бўлишим муқаррар. Жарнинг ёқасига келиб қолибман. Ўзўзимга: “Қани тезроқ ҳаракат қил, умринг оз қолди. Ўрганган илмларинг ҳақиқатга айланмас экан, бу бир алданишдир. Энди вақтингни бўш ўтказишда давом этаверсанг, оқибатинг нима бўлади?” – дедим.
Шу пайт ўзимда бир ўзгариш сездим. Дунё ва дунё савдоларидан қочиш билан дунё орзулари ва охират орзуси ўртасидаги ҳайрат водийсида олти ой жонсарак ҳолда қайғу ва кўз ёшлари ичида қолдим. Юрагим изтироб чекарди. Нақадар ожиз эканлигимни тушуниб етдим. Ихтиёримнинг қўлдан кетаётганига томошабин бўлиб турар эдим. Давосиз дардга, чорасиз хасталикка дучор бўлган киши каби Аллоҳга ёниб ёлвордим, тазарру айтдим. Ниҳоят “Намл” сурасининг 62оятида: “Ёки музтарночор одам дуоилтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган...” – дейилгани каби, Аллоҳ таоло дуоларимни қабул айлаб, қалбимни уйғотди. Ичимдаги молу мартаба орзуси йўқ бўлди. Ҳаммасидан юз ўгирдим. Зикр, узлат, хилват, нафсни тийиш, риёзат ва ахлоқимни мукаммаллаштириш билан машғул бўлдим. Илми яқин билан билдимки, Аллоҳга етишганлар ва ҳидоят йўлидан юрганлар тасаввуф аҳли бўлган буюклар экан. Энг гўзал сийрат ва ахлоқ уларда экан. Зеро, уларнинг зоҳирий ва ботиний ҳоллари пайғамбарлик нуридан олинган. Ер юзида эса пайғамбарлик нуридан ҳам порлоқроқ нур йўқ”.
Пайғамбар (с.а.в): “Ичига нур кирган қалб очилади ва кенгаяди”, – деган эдилар. “Бунинг аломати нима?” – деб сўраганларида: “Фоний дунёдан узоқлашиш, абадий бўлган охират манзилига кўнгил қўйиш ва ўлим келмасидан олдин ўлимга ҳозир бўлиш”, – дедилар.
Саҳобалардан Ҳориса (р.а):
“Дунёнинг нафсоний орзуларидан этак силккач, кундузларимни сувсиз, кечаларимни уйқусиз ўтказа бошладим. Раббимнинг Аршини очиқ кўз билан кўрадиган бўлдим. Бирбирларини зиёрат қиладиган жаннат аҳли билан доимо душманлик мақомида бўлган жаҳаннам аҳлини кўраётгандек эдим”, – деган эди.
Саҳл ибн Абдуллоҳдан:
– Сўфий кимдир? – деб сўраганларида:
– Қалби Аллоҳ таоло билан тўлган, қадарни сафо ҳолига келтирган, олтин ва тупроқни тенг кўрган зотдир, – деб жавоб бердилар.
Имом Ғаззолий ҳазратларининг баъзи насиҳатлари:
“Аллоҳ берган неъматларини, унинг йўлида сарфлаш шукр, у севмаган ерга сарфлаш эса куфрони неъматдир”.
“Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асл бало эмас. Уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир”.
“Бир сўз айтмоқчи бўлсанг, маъносини ўйлаб кўр... Сўзламайдиган тақдирда зиммангда масъулият қоладиган бўлса сўзла... Акс ҳолда, овоз чиқарма”.
“Ақлли киши ўз нафсига шундай демоғи лозим:
Менинг сармоям умримдан иборат. Чиққан ҳар бир нафасим қайтиб келмайди. Нафаслар саноқли – муттасил камайиб бормоқда. Шундай экан, умрни истиқоматда2 ўтказмасликдан ҳам катта зарар борми?”
“Худди эртага ўладиган каби тана аъзоларини ҳаромдан сақла”.
“Эртага тавба қиламан, солиҳ амаллар қилишга бошлайман”, десанг, ўлим бир оз аввал келишини унутма, афсусланиб қолма. Эртага тавба қилишни бугун тавба қилишдан осонроқ деб ўйлаётган бўлсанг, хато қиласан”.
“Бирор кишининг тижорати охират тижоратига монеълик қилса, у бадбахт, зарар кўрган кишидир. Бу бир тандир учун бир кўза олтин берган кабидир”.
Имом Ғаззолий инсон ўз нафсини ёлғиз бошига таний олмаслигини шу тарзда изоҳлайди:
“Халқ ва хулқ сўзлари бир илдиздан келади. Асос эътибори билан бири зоҳирий, иккинчиси ботиний – инсоннинг ички дунёсига оид. Халқ ташқи туйғулар билан идрок қилинадиган, сурат, ҳайъат ва шакл маъноларини билдиради. Хулқ эса инсоннинг ташқи кўринишида намоён бўлмайдиган нарсадир. Унинг ҳақиқати инсоннинг ахлоқи, табиати ва амаллари билан майдонга чиқади. Инсон ташқи кўринишдан қанчалик ўзининг аслида кимлигини яширмасин, бир кун ички кўриниши албатта намоён бўлади...”. Ташқи кўринишимиздан завқ олиш учун бир кўзгуга муҳтож бўлганимиз каби, ички оламимизни, феъл ва атворларимизни ўрганиш ва лозим кўрилган шаклда тарбиялаш учун ҳам бир авлиёнинг файз ва талқинларига, яъни бизни тарбия қиладиган, ўзимизга ўзимизни таништирадиган КЎНГИЛ КЎЗГУСИга муҳтожмиз”. Бу ҳақда пайғамбар (с.а.в): “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”, – деган эдилар.
Аллоҳ таоло:
“Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб, намоз ўқиган киши нажот топгандир” (“Аъло” сураси, 14 оят)...
“Дарҳақиқат, уни (яъни ўз нафси жонини имон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди” (“Вашшамс” сураси, 9 оят), деб марҳамат қилади.
Мавлоно Жалолиддин Румий Пайғамбар (с.а.в) ворисларининг тарбиясига кириш, нафс тўсиғини ошиш, ҳақиқат ва маърифатга эришишнинг йўллари ҳақида шундай дейди:
“Бир пичоқнинг сопини бошқа бир пичоқсиз тўғрилаб бўлмайди. Сен ҳам бориб, жароҳатингни бир кўнгил жарроҳига кўрсат. Бу жароҳатларни ёлғиз ўзинг даволашинг имкондан хориж нарса...”
“Дунёвий туйғу ва тушунчаларнинг моҳиятини табибдан, кишини чексизликка юксалтирадиган илоҳий ҳисларнинг моҳиятини эса муршиддан ўрган”.
“Икки бармоғингнинг учини икки кўзингга қўй. Бу дунёдан бирор нарса кўраяпсанми? Агар кўрмаётган бўлсанг, бу олам йўқ деган маънони билдирмайди. Кўрмаслик гуноҳ, унинг камчилиги эса нафснинг икки бармоғидан келмоқда”.
“Сен аввало бармоқларингни кўзларингдан узоқлаштир. Ундан кейин истаган томонга қара. Инсон кўздан иборат. Қолгани жасоратдир. Фақат дўстни (яхшиликни) кўрганга кўз дейдилар”.
“Қуръони карим оятларини, пайғамбар (с.а.в) ҳадисла-рини ўқишдан олдин ўзингни тузат. Гул боғчаларидаги гўзал ҳидлардан баҳраманд бўла олмасанг, сабабини боғдан эмас, кўнглинг ва бурнингдан ахтар...”
Мавлоно фонийликка қовушиш сирининг мутлақ таслимиятда эканлигини шундай ифодалайди:
“Денгиз суви ўзига тамоман таслим бўлган ўликни боши устида ташийди. Тирик ва салгина ҳаракат ичида бўлган киши денгиздан қандай қутулиши мумкин? Худди шундай “Ўлмасдан аввал ўлинг” сири билан башарий сифатлардан қутулиб “ўлик” ҳолига келсанг, сирли олам денгизи сени бошида ташийди”.
Инсоннинг яратилишидан мақсад бандалик ва Раббисини билишдир. Ашё ва ҳақиқат тубларига тушишнинг сири маърифат денгизидан бир томчига етишиш билан бошланади.
Аллоҳ таоло Мавлоно ҳазратларининг тавсияларига кўнгил қўйишни, мисолларидан ўрнак олишни барчамизга насиб қилсин (Омин).
Мавлоно дейдиларки:
“Умр эртанги кун орзуси билан яшаш, ғофиллик билан жанжалсурон қилиш, жонингни аямай меҳнат қилиш билан тугаб боради”.
“Сен ақлингни бошингга йиғ, умрингни бугун сана. Бир қараб кўр, бугунни қайси савдолар билан ўтказдинг?”.
“Хоҳ чўнтагингни пул билан тўлдириш қайғуси, хоҳ ейишичиш ташвиши билан бу ожиз умр ўтиб кетмоқда, олаётган нафасинг сони камайиб бормоқда”.
“Ўлим бизни бирмабир ўз оғушига олмоқда. Унинг ҳайбатидан қанча ақлли кишиларнинг юзи сарғаймоқда”.
“Ўлим йўлда туриб, бизни кутмоқда. Инсон эса сайр қилиш ва умрни беҳуда сарфлаш билан овора”.
“Ўлим қошу кўз орасида, уни эслашимиздан ҳам бизга яқинроқ. Фақат ғафлат ичидаги ақл қай томонга кетмоқда, билолмайман”.
Шайх Ғолиб қуйидаги байтида инсон илоҳий сирнинг зуҳури бўлган коинотнинг парчаси, олам сирларини қалбида оҳанрабо каби тўплай оладиган бир КЎНГИЛ КЎЗГУСИ эканлигини гўзал ифодалай олган:
Зотингга яхши қараки, зубдаи оламсан сен,
Мардуми дидаиаквон бўлган одамсан сен...
(Ўзингга кўнгил кўзи билан қара – оламнинг гултожи сенсан. Коинотнинг кўз қорачиғи бўлган инсон сенсан).
“Эй гўзалим, вужудимда сендан бошқа бир борлиқ қолмади. Шунинг учун ҳам сирка асал денгизида йўқ бўлгани каби, Мен ҳам сенинг борлиғингда шу тарзда йўқ бўламан...”
Мавлоно Жалолиддин Румий
Бир кун Мажнун хасталаниб ётиб қолди. Уни даволаш учун табиб чақирдилар. Табиб: – Томиридан қон олишимиз керак, – деб Мажнуннинг қўлини боғлай бошлади. У қон олиш учун игнага қўл узатган эди ҳамки, Мажнун додфарёд солди:
– Эй табиб, мени тинч қўй! Хизмат ҳақингни ол ва бу ердан кет. Бу хасталикдан ўлсам ҳам майли, қон олишдан воз кеч!
Табиб Мажнунга:
– Сен чўлларда бўкирган арслонлардан қўрқмайсан у, қўлингга игна санчилишидан қўрқасанми? – деди.
Мажнун унга шундай жавоб берди:
– Мен наштардан асло қўрқмайман. Лекин менинг бутун вужудим, борлиғим Лайли билан тўлгандир. Қўрқаманки, менинг қўлимга игна санчганингда вужудимдаги Лайлини инжитарсан. Мен мана шундан қўрқмоқдаман...
Маснавий: “Вужудимда бир исмдан бошқа нарса қолмади. Эй гўзалим, вужудимда сендан бошқа бир борлиқ қолмади. Шунинг учун ҳам сирка асал денгизида йўқ бўлгани каби, мен ҳам борлиғингда шу тарзда йўқ бўламан”.
Ёлғизликни фақат ўзига муносиб кўрган жаноби Аллоҳ бутун мавжудотларни жуфтжуфт қилиб яратган. Дунёвий илмлар яқинда кашф қилган бу жуфтлик қоидаси бизга ўн тўрт аср аввал илоҳий оятлар орқали маълум қилинган. Башарий идрок ва завқдан ташқарида бўлган Яратувчи зарраларни, доналарни, ўсимликларни, ҳайвонларни, инсонларни ва моддаларни, ҳатто атом ичидаги электрон ва протон каби сирли нарсаларни ўз қонунига кўра тартибга солган. Ёсин сурасида: “Ер ундириб ўстирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан жуфтларни яратган (Аллоҳ) пок зотдир” (36 оят), – дейилади. Лекин энг зоҳир ва ботин нарсаларни қамраб олган жуфтлик қонуни инсонларда энг олий даражасида намоён бўлади. Аллоҳ таоло оилада фикр эгалари учун бир қанча ҳикматлар борлигини шу тарзда марҳамат қилади: “Унинг оятларидан (яна бири): “У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳрмуҳаббат пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун оятибратлар бордир” (“Рум” сураси, 21 оят)
Оила қурадиган икки бегона кишининг биргина дастурхон воситасида ўзаро боғланиши, ораларида пайдо бўлган муҳаббат ва марҳамат муносабатлари, жиддий тушунилиши лозим бўлган илоҳий қудратнинг кўринишини ўз ичига олгандир. Бутун мавжудот илоҳий низомга кўра ваҳдат, яъни бирликка интилади. Мавжудотнинг энг мукаммали эса инсон. Инсонларнинг ўзаро муҳаббати ҳам шунга кўра баркамоллик касб этади. Эрхотиннинг жисмоний ва руҳий яқинлашиш орқали илоҳий лаззатларни ҳис қилиши охироқибатда уларни Аллоҳ таолога яқинлаштиради.
Лайли йиллар ўтиб, Мажнуннинг ёнига келади. Мажнун унга эътибор бермайди. Лайли: “Менинг учун чўлларда саргардон бўлган сен эмасмидинг?” – деганида, Мажнун: “Бевафо Лайлининг қалбимда ўрни қолмади”, – деб жавоб беради.
Мажнун ҳаётининг ғояси бўлган Лайли илоҳий муҳаббат йўлида бир поғона эди, холос. Мажнун ҳақиқатни топишга уринган илоҳий муҳаббат боғида ўз ўрнини топгандан кейин нисбий гўзаллик соҳиби бўлган Лайли ўз аҳамиятини йўқотган эди. Маснавий ҳикояларининг қаҳрамони бўлган Лайли эса охироқибатда илоҳий муҳаббатга қайтган ва шахсиятини Ҳақда, деб билган илоҳий севгининг тимсолидир. Бошқача айтганда, Лайли кўнгилларни мажнун қилган, жисмоний иродани йўққа чиқарган илоҳий бир ишқнинг уфқидир. Шу маънода Лайлилар билан бошланган муҳаббат можаролари Мавлода эриб битадилар...
Лайли Қайс исмли маъшуқини Мажнун (телба) номи билан тилларда достон қилган бир гўзал, холос.
Лекин у гўзал Лайли эмас, коинот борлиғини сабабчиси бўлган ва Аллоҳ таоло “Ҳабибим” деб атаган муборак зот (с.а.в) бўлса, унга бўлган муҳаббатнинг қай даражага эришишини тасаввур қила оласизми?
Энди бир қанча мисол ва мисра билан буни изоҳлашга уринайлик. Албатта, бу мисолларнинг энг бошланғичи ҳазрати Мавлонодандир.
Ҳазрати Мавлононинг муриди Гуржи хотуннинг қўмондон эри Қайсарига хизматга тайинланади. Гуржи хотун Салжуқли саройининг машҳур рассом ва наққоши Айн уд Давлани ҳазрати Мавлононинг расмини яширин чизиб келиш учун унинг ёнига юборади. Лекин рассом бор гапни Мавлонога айтиб беради. Ҳазрати Мавлоно кулимсираб:
– Сенга айтилганни хоҳлаган тарзингда бажар, – дейди.
Рассом Мавлононинг расмини чиза бошлайди. Фақат ҳар чизганида қоғоздаги расм бошқа, қаршисида ўтирган одам бошқача бўлиб чиқаверади. Рассом қоғозини йигирма марта алмаштиради. Лекин барибир Мавлононинг расмини чизишга муваффақ бўла олмайди. Унинг санъати ҳазратнинг қаршисида муз каби эриб кетади. Шунда рассом ўзини ҳазратнинг оёғига ташлаб:
– Бир диннинг валийси шундай бўлса, набийси қандай бўлган экан? – деб бу сўзлар орқали ўзининг ҳаяжон ва ҳайратини ифодалайди.
Имом Молик (р.а) дунёвий ишларда Расулуллоҳ (с.а.в)га тақлид қилиш ишқида яшаб ўтди. Мадинаи Мунавварада бирор марта ҳам отга ёки туяга миниб юрмади. Равзада имомлик қилганда доимо паст овоз билан гапирар эди. У замоннинг халифаси Абу Жаъфар Мансур баланд овоз билан гапирганда: “Эй Халифа! Бу маконда баланд овоз билан гапирманг. Аллоҳ ўз огоҳлантиришини сендан фазилатлироқ кишиларга юборди”, – деди ва ушбу ояти каримани ўқиди:
“Эй мўминлар, (токи қилган яхши амалларингиз) ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳудабефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бирбирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқдағал сўз қилманглар” (“Ҳужурот” сураси, 2 оят)
Яна Имом Молик ҳазратлари ўзларига зулм қилган Мадина волийсининг ҳаққини ҳалол этиб: “Маҳшарда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг невараси бўлган бир зотга даъвогар бўлишдан уяламан”, – деган эдилар.
Устоз Асъад Эрбилий ҳазратлари Расулуллоҳга бўлган оташин муҳаббатини ушбу мисраларда нақадар гўзал ифодалаган:
Мумкинми бунча оташ ла шаҳидий ишқни ғусл қилмоқ,
Жасад оташ, кафан оташ, ҳам оби хушгувор3 оташ...
(Бу қадар олов билан ишқ шаҳидини ювиш мумкинми? Танам оташ ичида, кафаним оташ ичида, шаҳидни ювадиган тотли сув ҳам оташ ичида)
Озар шоири Фузулий машҳур “Сув” қасидасида:
Сочма, эй кўз, ишқдан кўнглимдаги ўтларга сув –
Ки, бу кўкка туташган ўтларга қилмас чора сув, –
дейди. (Эй кўз, ёшларингни бекорга тўкма, барибир кўнглимдаги оловни сўндира олмайсан)
Ҳукмдор Аҳмадхон биринчи Расулуллоҳ ковушининг андозасини ясатиб, ундан файз олишга уринган эди:
Ёлғиз тожим каби бошимда кўтарсам доим,
Ул расуллар шоҳининг қадами покин.
Жаҳон императори Ёвуз Султон Хон ўзини Расу-лулуллоҳнинг ҳақиқатига эриштирадиган валийни бутун тахтларнинг устида кўриб:
Подшоҳи олам бўлиш бир қуруқ ғавғо эмиш,
Бир валийга мурид бўлиш жумладан аъло эмиш, –
деб Аллоҳ ва Расулуллоҳга яқин бўлишнинг аҳамиятини ифодалаган эди.
“Бу ёшдан кейин менга тупроқ устида юриш ҳаромдир”, – деган буюк ишқ ва важд қаҳрамони Саййид Аҳмад Яссавий Пайғамбар (с.а.в) билан айни тарзда яшаш йўлида абадийлашди. У яшаган тупроқ бу муборак зот шарафига “ҳазрати Туркистон” деб улуғланди.
Увайс ал Қаранийга Уҳуд жангида Пайғамбар (с.а.в)нинг бир тиши сингани ҳақида хабар келганда, у зотнинг қайси тиши синганини билмагани учун бутун тишларини синдириб ташлаб, Пайғамбар (с.а.в)га яқин бўлишнинг завқидан бахтиёр бўлди.
Динор ўғилларидан бир аёлнинг Уҳуд жангида эри, укаси ва отаси шаҳид бўлди. Уччовининг ҳам шаҳид бўлганининг хабарини эшитгандан кейин:
– Менга расулуллоҳни кўрсатинг, уни бир кўрай, – деди.
Расулуллоҳни кўргандан кейин:
– Ё расулуллоҳ, сиз соғсаломат экансиз, менга қолган фалокатлар ҳечдир, – деди.
Жуда асабий ҳаёт кечиргандан кейин мусулмонликни қабул қилиб, ҳузур ва тинчликка қовушган Ҳанса Хотун Қадисия урушида тўрт ўғлининг шаҳид бўлгани хабарини эшитиб, буюк бир имон кучини намоён қилди: “Исломнинг бир зафари учун тўрт ўғлим ҳам фидо бўлсин”, – деб бирданига тўрт шаҳиднинг онаси бўлгани учун Аллоҳга шукр қилди.
Базми олам Волида Султон:
Муҳаббатдан Муҳаммад бўлди ҳосил,
Муҳаммадсиз муҳаббатдан не ҳосил, –
– деб руҳ озиғининг фақат Пайғамбар (с.а.в)га нисбатан бўлган муҳаббат эканлигини гўзал тарзда ифодалаган эди.
Раҳматли устозимиз Яман Дада ушбу маснавий мисраларини бизга мовий кўзларидаги ёш билан изоҳлар экан, юзларидан нур ёғар эди:
Кўнгил хун бўлди шавқингдан бўяндим, Ё Расулуллоҳ!
Бу ҳижронга нечук бардош берайин, Ё Расулуллоҳ!
Фироқ йиғлар, висол йиғлар, азал масруринг бўлмаса,
Жамолинг ла мамнун айлак, ки ёндим Ё Расулуллоҳ!
Тарих бўйича пайғамбарлар ва авлиёларга, имонга оид интилишларни чўққига чиқарган нарса ҳам инсон фитратига оид қудсий ишқни юксалтирган шуълалардир. Инсонлар бундай юксалишга маънавий муҳаббат ва Ҳақ дўстларига яқинлашиш билан эришиб, мангулик сирининг илоҳий қалам билан ёзиладиган шоҳномаларидан ўрин оладилар.
Инсон Пайғамбар (с.а.в) ва у зотга олиб борадиган Аллоҳ дўстлари билан айни тарзда ҳаёт кечириши учун пайғамбар (с.а.в) ва у зотнинг дўстларининг кўнгил дунёсидан насиба олиши ва ўзини у зотга тамоман бахшида этиши лозим бўлади.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорни кутилмаганда шиддатли титроқ босади. Ёнидагилар олов ёқиб, титроққа барҳам беришга уринадилар. Шу пайт Хожа билан руҳан бирлашган бир муриди совуқ сув тўла хандаққа тушиб кетганидан, титраганча хонага киради. Дарҳол муридга қуруқ кийим бериб, иссиқ жойга ўтказадилар. Мурид исингандан кейин Хожа Убайдуллоҳ ҳазратларининг титраши ҳам ўтиб кетади.
Боязид Бистомий ҳазратлари илоҳий муҳаббатдан шу қадар таъсирланар эдики, Яратган учун яратилганлардан ҳар бирининг изтиробини ўзида ҳис қиларди. Бир кун у зотнинг кўз ўнгида бир эшакни шу қадар калтакладиларки, унинг орқасидан қон оқа бошлади. Шу пайт Боязид Бистомий ҳазратларининг болдиридан ҳам қон оқа бошлади.
Булбул сайрар экан, рўпарадаги тоғдан бошқа жойдан акс садо келмайди. Улфатимиз қанчалик бўлса, яқинлари-миз ҳам шу қадардир.
Ҳазрати Али (р.а)га бир кишининг у зотни жуда қаттиқ севишини айтишади. Ҳазрати Али: “Тўғри, мен уни севганим каби у ҳам мени севмоқдадир”, деб жавоб беради. Яъни, руҳий айният, вужудларда ўрин олган юраклардаги ишқдан бегона эмасдир.
Инсон пайғамбар (с.а.в)га нисбатан руҳий титроқ ҳис этса ва бу орқали руҳини ташқи дунёга оид бутун ҳислардан қутқара олса, у зот (с.а.в) билан бир хил ҳаёт йўлига кириши турган гап. У зотни ҳеч ким том маъноси билан таъриф қила олмаган. Яратилишини ҳам англай олмаган. Жаброил (а.с) ҳам Сидраи Мунтаҳода:
Мен сўнгги чегарадаман. Сиз давом этинг, деганлар.
Саҳобалардан ҳар бири ўз истеъдоди даражасида ўзида пайғамбар (с.а.в)нинг руҳини ҳис қиларди. Ўз важду завқ деразасидан уни томоша қила оларди. Ҳазрати Ойиша (р.а): “Расулуллоҳнинг сиймоси шу қадар порлар ва нур сочар эдики, юзи ўн тўрт кунлик ой каби бўларди. Юзларининг ёруғлигидан кечалари игнага ип ўтказа олар эдим”, деган эдилар.
У зот (с.а.в)ни ўзида энг кўп ҳис қилган ва ҳақиқати Муҳаммадияга ноил бўлган Абу Бакр (р.а) эди. Ва у му-ҳаббат оловининг ичида, сийнасидаги куйган жигар ҳиди билан яшаб ўтди. Фахри коинот пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам ҳаётининг сўнг дақиқаларида: “Бутун эшикларни ёпинглар. Фақат Абу Бакрнинг эшиги очиқ қолсин”, деган эканлар. Ҳазрати Мавлоно: “Икки дунё бир кўнгил учун яратилгандир. “Сен бўлмаганингда бу коинотни яратмаган бўлур эдим” ҳадисининг маъносини тушунинг”, деган эдилар.
Сен мажнун бўлмасанг, жим ўтир,
У ишққа ноил бўлмаганлар учун
Лайли фақат жисмдан иборатдир.
Мавлоно Жалолиддин Румий
Лайлининг ишқи билан саҳрода саргардон бўлган Мажнун оғзидан сўлаги оққан, туклари тушган бир итни қучоқлаб ўпар, эркалар эди. Бу ҳолни кўрган бир киши чидай олмай:
– Эй ақлсиз одам! Бу қандай тентаклик! Бу итни нега ўпаяпсан?”, деб сўради.
Мажнун:
– Сен нимани ҳам билар эдинг? Бу итнинг мен учун қанчалик аҳамиятли эканлигини билсанг эдинг. Шунча қишлоқ ичида Лайлининг қишлоғига бориб, унга қўриқчилик қилибди. Бу итнинг бир тукини арслонларга алмашмайман. Кўнглингга, жонингга ва қалбингга разм солки, бу итдаги фазилатни тушуниб етасан. Лайлининг қишлоғини ўзига юрт қилган бу ит босган тупроқ ҳам мен учун азиздир.
“Маснавий”даги Лайлига бағишланган бошқа бир ҳикояда шундай дейилади:
Ўша замоннинг ҳукмдори Лайлини кўриб қолади ва ҳайрат билан:
– Мажнунни қайғуга солган Лайли сен эмасмисан? Сенинг бошқа аёллардан ҳеч бир фарқинг йўқку?”, дейди.
Лайли унга шундай жавоб беради:
– Сен Мажнун бўлмаганинг учун гапирма.
Шайх Саъдий: “Лайлининг гўзаллигига Мажнуннинг кўнгил деразаси орқали боқиш керак”, дейди.
Лайлини англаш, унинг ҳақиқий гўзаллигини ҳис қилиш сенинг Мажнун каби ошиқ бўлишингга боғлиқ. Акс ҳолда, кўрганларинг бир суратдан бошқа нарса эмас. У ишқнинг оловида ёнмаганлар учун Лайли фақат жисмдан иборатдир.
“Маснавий”да келтирилган Лайли ҳақидаги ҳикоялар бирор тимсолдан иборат. Лайли илоҳий ишқ тимсоли, илоҳий муҳаббат уфқидир.
Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с) билан дўстлашгандан кейин фаришталар:
– Эй Раббимиз! Иброҳим сенга қандай дўст бўлиши мумкин? Унинг нафси, молмулки ва авлодлари бор. Қалби уларга мойилдир”, дедилар. Шундан кейин ушбу ибратли ҳодисаларга ва ҳазрати Иброҳим (а.с)нинг оғир имтиҳонларига гувоҳ бўлдилар: Иброҳим (а.с) тош отадиган ускуна ёрдамида оловга ташланар экан, фаришталар безовталана бошладилар. Улардан баъзилари Иброҳим (а.с)га ёрдам бериш учун Аллоҳдан изн истадилар. Фаришталар Иброҳим (а.с)дан ўлими олдидан бирор орзуси борйўқлигини сўраганларида Иброҳим (а.с):
– Дўст билан дўстнинг орасига кирманглар, деб жавоб берди.
Шундан кейин Жаброил (а.с) келди:
– Мендан бирон нарса истайсанми?, деб сўради.
Иброҳим (а.с):
– Сенга эҳтиёжим йўқ. У (Аллоҳ) менга кифоя ва У қандай яхши вакилдир”, деб жавоб берди.
Ҳазрати Иброҳим (а.с) Аллоҳга берган сўзини адо этиш учун ўғли ҳазрати Исмоилни қурбон қилишга ҳозирланар экан, фаришталар яна ҳаяжонга тушдилар:
– Бир пайғамбар бошқа бир пайғамбарни қурбонлик қилишга ҳозирланмоқда, дедилар.
Исмоил (а.с) эса отаси Иброҳим (а.с)га:
– Эй отажон! Сизга амр қилинган нарсани бажаринг. Иншоаллоҳ, менинг сабр қилувчилардан эканлигимни кўрасиз. Пичоқни яхши қайранг, дарҳол бўғзимни кессинки, жон бериш қулай бўлсин... Пичоқни тортаётганда юзимга қараманг, чунки оталик шафқати билан ишни чўзиб юборишингиз мумкин... Мени қайғуга солган нарса ўз қўлингиз билан қурбонлик қилган авлодингизнинг ҳасратини умрбод унута олмай юришингиздир, деди.
Отабола таслимият денгизида сузар эканлар, Жаброил (а.с) етиб келди. Пичоқни ўтмас қилиб қўйди. Қурбонлик учун жаннатдан бир қўчқор туширди. Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с)га сонсаноқсиз қўй суруви эҳсон қилди. Жаброил (а.с) инсон суратига кириб, ундан сўради:
–Бу қўй сурувлар кимники? Менга бир сурув қўй сотасизми?
Иброҳим (а.с):
– Бу қўйлар Раббимники. Ҳозирча менинг қўлимда омонат. Бир марта зикр қилсанг, учдан бирини, уч марта зикр қилсанг ҳаммасини олиб кетишинг мумкин, деди.
Жаброил (а.с):
– “Суббуҳун, қуддусун. Раббана ва Раббулмаълоикату варруҳ, деди. Шунда Иброҳим (а.с):
– Бу қўйларнинг ҳаммасини олиб кетишинг мумкин, деди.
Жаброил (а.с):
Мен инсон эмас, фариштаман, бу қўйларни ололмайман, деб жавоб берди.
Иброҳим (а.с):
– Сен фаришта бўлсанг, мен ҳам Халил (Аллоҳнинг дўс- ти). Берган нарсамни қайтариб ололмайман, деди.
Ниҳоят, Иброҳим (а.с) қўйларнинг барчасини сотиб, уларнинг ўрнига мулк ортирди ва вақф қилди.
Иброҳим (а.с) жони, авлоди ва молмулки билан оғир имтиҳон қилинди. Раббига буюк бир таслимият билан ром бўлди ю, бандаликнинг олий мақомига эришди. Суратдан қутулиб, Халилуллоҳ (Аллоҳнинг дўсти) даражасига етишди.
Мавлоно ҳазратлари:
“Қуръони каримда пайғамбарларнинг ҳол ва сифатларини топасиз. Қуръони каримни ихлос билан ўқиб, татбиқ қилсангиз, ўзингизни пайғамбарлар, валийлар билан кўришгандай ҳис қиласиз. Пайғамбарлар қиссаларини ўқир экан, вужуд қафаси жон қушига тор кела бошлайди.
Биз бу вужуд қафасидан фақат шу йўл билан қутулдик. Қафасдан қутулиш учун бу йўлдан, яъни тавҳид тариқатидан бошқа йўл йўқдир”.
Суратни йўққа чиқаришдан мақсад: “Ўлмасдан аввал ўлингиз” амрига бўйин эгишдир. Ўлмай туриб ўлганлар ҳақиқат баҳорида тириладилар, суратлардан қутуладилар. Аллоҳ расулининг ҳақиқатида ҳаёт топадилар. Ояти каримада: “Сени фақат оламларга раҳмат ўлароқ туширдик”, дейилади.
Аллоҳнинг расули (с.а.в) ашё хилқатининг сабабидир. Яшашдан ғоя бу илоҳий раҳматдан насиб олиб Аллоҳ ва Расулида фонийлашмоқдир. Шунинг учун ҳам Имом Молик (р.а) расулуллоҳнинг муборак қадамлари теккан ерларга ҳурмат юзасидан Мадинаи Мунавварада от ёки туя миниб ўтмади. Оёқларига ковуш киймади. Ҳадиси шарифни ўрганиш учун ёнига кишилар келганда аввал таҳорат қилиб, салла ўраб, вужудига хушбўй нарсалар суриб, баланд бир ерга чиқиб ўтирар ва шу тарзда ўзига берилган саволларга жавоб берарди. Бундай қилиш билан ўзини Аллоҳ Расулининг руҳониятига ҳозирлар, унинг муборак каломларини такрор айтгани учун одобга ниҳоят даражада аҳамият берар эди.
Усмонлилар даврида Мадинаи Мунаввара зиёратига келганлар гуруҳи шаҳарга киришдан олдин яқин бир жойда тўхтаб, ўзларини Мадинанинг маънавий ҳавосига ҳозирлаб, кейин Расулуллоҳ ҳузурига яқинлашар, зиёратларини адо қилар эдилар. Қайтишларида эса шифо ва табаррук, деб Мадинанинг тупроғидан бир сиқим олиб қайтар эдилар. Ёки Мадинаи Мунавваранинг муҳофазасини ўз зиммасига олган Усмонли подшоҳлари аробаларини Масжиди Набавийга етмасдан тўхтатар, одоб билан Наби ҳузурига юрган ҳолда келар эдилар.
Хасталик туфайли мажолсиз ва сарғайган ҳолда ётган Султон Абдулазизнинг: “Мадинаи Мунавварадан мактуб бор”, – деганларида хизматкорларига: “Дарҳол мени оёққа турғизинг. Бу хабарни оёқда тик туриб эшитай. Аллоҳ ва Расулига қўшни бўлганларнинг талаблари оёқ узатилган вазиятда тингланмас”, дейиши Усмонли султонларининг Мадинага ва ҳазрати пайғамбар (с.а.в)га муҳаббатларининг энг гўзал намунасидир.
Базми олам Волида Султон Шомнинг тотли сувини туялар билан Ҳарамайнга – ҳожиларга ичириш учун ташитар эди. Бу орқали Ҳарамайннинг руҳониятидан насиба олишга ҳаракат қиларди.
Шоир Набий 1678 йилда аркони давлат билан ҳаж сафарига чиқади. Карвон Мадинага яқинлашар экан, Набий ҳаяжондан уйқусизликка тушади. Карвонда бир қўмондоннинг ғафлат билан оёғини Мадина томонга узатиб ухлаганини кўриб қолади. Бу ҳолдан таъсирланган Набий пайғамбаримизни мадҳ қилувчи қасидасини ёза бошлайди.
Бомдод намозига яқин карвон Мадинаи Мунавварага яқинлашиб қолади. Шунда шоир Набий ўзи ёзган қасидасининг Масжиди Набавийнинг минорасидан ўқилаётганини эшитади:
Тарки одоб қилмагин, макони маҳбуби Худодир бу,
Назаргоҳи илоҳийдир, мақоми Мустафодир бу.
Адаб шарти билан киргин Набий бу даргоҳа,
Тавоҳгоҳи малаклар, бўсагоҳи анбиёдир бу.
Бу ҳолдан ажабланган Набий муаззинни излаб топади ва ундан:
–Бу қасида кимники, уни кимдан ўргандингиз?” – деб сўрайди. Муаззин:
– Бу кеча Аллоҳ расули (с.а.в) тушимда менга: “Умматимдан Набий исмли шоир мени зиёрат қилиш учун келмоқда. Бу зотнинг қалби менга лиммо лим муҳаббат билан тўладир. Бу севги туфайли уни Мадина минораларидан ўзи ёзган қасида билан кутиб олинглар”, деди. Биз ҳам бу амри набавияни бажо келтирдик.
Буни эшитган Набий ҳиқиллаб йиғлай бошлади ва шундай деди:
– Демакки Аллоҳнинг расули мени умматим, – деди,
– Демакки, икки жаҳон қуёши мени умматликка қабул қилди.
Мавлуд ёзувчиси Сулаймон Чалабий: “Бир ажиб нурки, қуёш парвонаси” мисраси билан қуёшнинг Аллоҳ расулининг атрофида парвона бўлиб айланишини, яъни жонсиз табиат ҳам унга ошиқ эканлигини нақадар гўзал таъриф этгандир.
Бундай инжа руҳли зариф мўминлар Расулуллоҳнинг ҳақиқатига яқинлашиш учун унинг руҳонияти атрофида парвона бўлиб ва пайғамбар (с.а.в) йўлида фоний бўлишни дунёда энг буюк неъмат ўрнида кўриб, илоҳий лаззатларга ғарқ бўлганлар.
Аллоҳ Расули (с.а.в) билан Жаъфар Тайёр ўртасидаги муҳаббатдан бир мисол:
Жаъфар (р.а) Ҳабашистон ҳижратидан қайтиб Мадинага келади. Пайғамбар (с.а.в)нинг Хайбарга кетганларини эшитиб, у кишининг изларидан бориб, пайғамбар (с.а.в) билан учрашдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳазрати Жаъфарга:
– Яратилишинг ва ахлоқинг билан менга нақадар ҳам ўхшайсана, – дедилар.
Жаъфар (р.а) бу илтифотдан ҳаяжонланиб кетдилар. Илоҳий муҳаббат билан завқлана бошладилар. Маъсум бола каби хурсандлигидан ўйнай бошлади ва шу тарзда ҳушидан кетиб қолди.
Пайғамбар (с.а.в) ҳазрати Жаъфарнинг пешоналаридан ўпиб:
– Хайбарнинг фатҳигами, Жаъфарнинг келишигами севинай? – дедилар.
Жаъфар (р.а) Мута урушида Зайд (р.а)дан кейин иккинчи қўмондон қилиб тайинланди. Зайд (р.а)нинг шаҳодатидан кейин байроқни ўз қўлига олди. Жангда қилич зарбаларидан икки қўлидан ажралди. Пайғамбар (с.а.в)нинг байроқларини ерга туширмаслик учун кесилган қўллари ёрдамида байроқни кўкрагида тутишга уринди. Пайғамбар (с.а.в) Мадинаи Мунавварада бу манзарани кўзларида ёш билан ҳикоя қилиб, Аллоҳ ва Унинг Расулининг дўсти жон фидо қилиб шаҳид бўлганини айтиб:
– Аллоҳ таоло Жаъфарнинг кесилган икки қўли учун унга икки қанот ато қилди, – дедилар ва шундан кейин Жаъфарнинг ўғилларини “Икки қанот соҳибининг ўғиллари” деб чақирадиган бўлдилар.
Жаъфар (р.а) Аллоҳ ва Унинг Расулининг муҳаббати билан маст эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ва расулуллоҳ тарафидан буюк илтифот кўрди. Руҳонияти ғайб оламига боғланиб, сўнгсизликка улашиб, бу йўлда жон фидо қилди ва илоҳий ризога қовушди.
Ҳазрати Мавлононинг қуйидаги байтлари ҳазрати Жаъфар ва унга ўхшаган муборак зотларга бағишланганга ўхшайди:
“Анбиё ва авлиёларнинг кўзлари уммон қадар кенгдир. Бу кенглик қаршисида икки олам, дунё ва охират бир қил каби кўринади”.
“Мингларча само бу кўзларга чўмсалар, уммон қарши-сида бир чашма каби ҳам бўла олмаслар”.
“Бу кўзларнинг нурлари ҳислар оламидаги барча нарсани ёриб ўтиб, ғайб оламига киради, ўзининг бу қобилияти билан таважжуҳ ва тажалли оламини кўради”.
“Агар бу муборак ва муқаддас кўзлардан ёшлар оқа бошласа, бу ёшларнинг ҳар қатраси учун Жаброил жон фидо қилган бўлур эди”.
“У хўш мазҳаб ва машрабли набий ёки валийнинг рухсати билан бу кўз ёшларини қанотларига сурган бўлур эди”.
Шайх Аттор “Мақолоти арвоҳ” номли асарида шундай ёзади:
“Жунайд Бағдодий бир кун йўлда кетар экан, самода фаришталарнинг ерга тушганини ва ерда бир нарса талашаётганларини кўрди. Фаришталардан биридан:
– Нимани талашибтортишаётибсизлар? – деб сўради. Фаришта шундай жавоб берди:
– Аллоҳ дўстларидан бири бу ердан ўта туриб иштиёқ билан бир “Оҳ” чекди ва кўзларидан бир неча томчи ёш томди. Бу ҳолдан фойдаланиб жаноби Ҳақнинг раҳмат ва мағфиратига қовушиш учун у кўз ёшларининг томчиларини бўлишиб ололмай талашибтортишмоқдамиз.
Табук сафарида фақир саҳобалардан етти киши пайғамбар (с.а.в)га мурожаат қилиб, ўзларига отулов берилишини сўрадилар: “Ҳозирча сизларга берадиган туямиз йўқ” – деган жавобни эшитиб, кўз ёшлари билан орқага қайтдилар. Аллоҳ йўлида тўкилган ушбу кўз ёшларнинг Аллоҳга мақбул бўлганлиги Тавба сурасининг 92 оятида ифодалангандир:
“Яна сизга (жангга миниб бориш учун) отулов сўраб келган вақтларида, уларга: “Сизларни миндириб юборадиган улов йўқку”, деганингизда (жиҳод учун) ишлатиладиган бирон нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлишиб, кўзларидан ёш тўкиб қайтиб кетган кишиларни ҳам айблашга ҳеч қандай йўл йўқдир”.
Шу воқеадан кейин ҳазрати Умар (р.а), ҳазрати Аббос (р.а) ва ҳазрати Усмон (р.а) таом ва отулов бериб, ушбу саҳобаларни ўзлари билан сафарга олиб борган эдилар.
Саҳобаларнинг Аллоҳ расули билан сафарга чиқа олмай қолаётганлари учун тўккан кўз ёшлари ҳам фаришталарни талашибтортишишга ундовчи кўз ёшлари тоифасидандир. Ҳадид сурасида: “Билингларки, бу ҳаётидунё фақат (бир нафаслик) ўйинкулги, зебзийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва молдунё ҳамда фарзандларни кўпайтириш, холос” (20оят), деб ифодалангани каби бу дунёга муҳаббат қўйганлар чўлда саробга алданган ва ўзларига ёлғон тасалли берган кишилар кабидир. Ҳадиси шарифда ҳам: “Дунё охират аҳлига ҳаромдир. Охират ҳам дунё аҳлига ҳаромдир”, дейилади.
Ҳазрати Фотима (р.а) пайғамбаримиз (с.а.в)дан бир ёрдамчи сўраб:
– Ҳасан ва Ҳусайн жуда ҳаракатчан, уларга қарашга кучим етмаяпти, –дедилар. Пайғамбар (с.а.в):
– Қизим? хоҳласанг, икки ёрдамчи берай. Лекин шуни билгинки, бирдан икки дунё роҳати топиб бўлмайди. Бу дунёда қийналгинки, у дунёда роҳат оласан, – дедилар.
Бошқа бир ривоятга кўра эса, ҳазрати Фотима (р.а) тегирмонда ун тўйишдан, қудуқдан сув чиқаришдан қабариб кетган қўлларини Пайғамбаримизга кўрсатиб, у зотдан ёрдамчи истаганларида:
– Аҳли имон бундай фақир яшар экан, Бадр шаҳидларининг етимлари паришон ҳолда экан, сен қайси юз билан мендан ёрдамчи сўраяпсан?, – деган эдилар.
Бугунги кунда асримизнинг энг оғир зулмлари остида очяланғоч, уйжойсиз, қуроласлаҳасиз инграётган мусулмон биродарларимизга исломий ҳамдардлик кўрсатаяпмизми, изтиробларига шерик бўла олаяпмизми, бу йўлда нафсимиздан воз кечиб, фидокорлик кўрсата олаяпмизми? Виждонимиз қаршисида ҳисобкитоб беришга тайёрмизми?
“Эй мурид! Кўзгуга сўнг кўринган нақшга боқ. Бир гўзалнинг қариликдаги хунуклигини ва бир бинонинг хароба ҳолига келишини унутма ва кўзгудаги ёлғонга алданма”.
Мавлоно Жалолиддин Румий
Дунё бир имтиҳон ва ўткинчи ишлар маконидир. Илк боқишда кўзга рангбаранг кўринади. Нафсни қитиқлайди. Лекин бу бир тузоқ бўлиб, нафсини жиловлай олмаганлар бу гирдобда чўкиб кетадилар. Бу дунё сув бўлиб кўринган сароб ёки бўлмаса болалар кўзига тотли бўлиб кўринган олма, лекин унинг ичи чириган ва аччиқдир. Уни севганларни сеҳрлар ва янглиш йўлларга олиб киради. Унинг зоҳирий кўринишига учганлар абадий оламларига зиён етказадилар. Бунинг натижаси эса қиёматга қадар надомат ёшларини тўкиш бўлади.
Инсон ҳам катта оламнинг кичик бир кўринишидир. Унинг мана шу содда кўриниши Аллоҳнинг ердаги халифаси сифатида талқин қилинади. Лекин руҳий ва маънавий жиҳатдан комилликка эришган инсон мавжудотнинг энг шарафлиси бўлади. Аксинча, нафсоний орзуларига қул бўлса, абадий бадбахтликка учрайди. Мавлоно ҳазратлари бу ҳақда: “Нафсига амр этган шоҳдир, нафсига асир бўлган қулдир”, – деган эди.
Имон шуури билан қуролланмаган инсоннинг жиддий ҳаёт кечириши ва инсоний ҳаёсини асраши имконсиздир. Тупроқ устида ғафлат ичида ўтказган кунларимизни охират кўзгусида бир кун томоша қиламиз. Ҳар бир киши ўлим шарбатини тотиб кўражак. Ўтмишда қолган кунлар эса охират ҳисобига ёзилиб боради. “Дунёга келиш ва дунёдан кетиш” деб аталган икки манзилнинг ўртасида сарсон қолган инсон идроки дунёга тааллуқли ҳақиқий қонунқоидалар билан бошқарилмаса, бу нисбий оламдан ҳақиқат ватанига томон маънавий йўл топиб бўлмайди.
Охиратда саодатга эришиш учун бу замон ва маконда яхши амаллар қилиш лозим. Ҳар бир онимизни амалларнинг энг фазилатлиларига бағишлашимиз керак. Вақт намланган совунга ўхшайди. Уни қўлда тутиб туриш қийин. Сирғаниб кетаверади. Замон бир ўткир қилич кабидир. Унга ҳоким бўлиш учун моҳирлик талаб қилинади. Бу қиличини яхши ишлатиш, аҳамиятли нарсаларни олиб, аҳамиятсиз нарсаларни четда қолдириш лозим. Бу эса ҳақиқатни англаб етган ақл билан бўлади. Шунинг учун ҳам пайғамбар (с.а.в) бир ишни: “Эртага бажараман, деб орқага сурганлар ҳалок бўлди”, – деган эдилар.
Инсон шу қадар ажойиб мавжудотки, бирикки кунга меҳмонга келган бу дунёда ўзиниўзи алдайди. Ҳар куни жанозаларга иштирок эта туриб, ўлимни ўзидан узоқда, деб ўйлайди. Ўзини ҳар лаҳзада йўқотиб қўйиши мумкин бўлган омонатларнинг доимий эгаси, деб билади. Ҳолбуки, инсон руҳига жасад кийдирилиб, бу дунёга юборилган ондаёқ у ўлим йўловчисига айланган эди. Инсон бу йўлнинг ҳозирлик босқичида турганлигини ҳеч ҳам хаёлига келтирмайди. Бир кун келиб, руҳ жасаддан айрилади. Охират эшиги бўлган қабрда бошқа узоқ йўлга чиқади. “Ёсин” сурасининг 68оятида: “Биз кимга (узун) умр берсак, унинг хилқатини (жисму жонини) тубан ночор қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми? (яъни бир кишининг сурат ва сийратида ёшяланглиги билан қариқартанглиги ўртасида нақадар катта фарқ борлигини кўриб, ибрат олмайдиларми?)”, – дейилади.
Бу ояти карима билан инсонларга энг гўзал шаклда насиҳат қилинмоқда. Дунёнинг маъноси бевафоликдан иборат. Дунё берган омонатини тезда қайтариб олади. Бир кун кўкка кўтарса, эртаси кун юз тубан йиқитади. Дунё бир соя кабидир. Уни ушламоқчи бўлсанг, олдингга тушиб қочади. Унга эргашиб сарсон саргардон бўлгунча умр ўтиб кетади. Дунёга кўнгил қўйиш енгилтак аёлга кўнгил қўйиш кабидир. Бу ишқ бир куни инсонни шарманда қилади. У доимо қалбга васваса солади. Охир оқибат инсонни борйўғидан айиради...
Нафсига ҳоким бўлганлар учун эса замон ҳеч бир нарсага қиёслаб бўлмайдиган бебаҳо неъматдир. Аллоҳ таоло “Аср” сурасини “Замонга қасам” билан бошлайди. Ҳамма нарсани сотиб олиш ёки қайтариб олиш мумкиндир. Лекин вақтни асло қайтариб бўлмайди.
Надомат ва афсуснинг энг асосий сабабларидан бири ҳам вақтни бекорга ўтказишдан иборат. Ўлимнинг маъносини билганлар фоний дунёнинг лаззатларига, мусофирчиликнинг маъносини билганлар эса меҳмонхонадаги ўйинларга алданмайдилар. Чунки бу дунёдаги нознеъматлар бу дунёдан айрилмайдиган даражада унга боғлиқдир. Бутун фоний нознеъматлар бир кишининг қўлида тўпланса ю, бу одам минг йил яшаса бундан нима фойда бор? Охироқибатда борадиган жойи тупроқнинг қаъри эмасми?
Ўлимсиз бир ҳаёт ёхуд кексалиги бўлмаган бир ёшлик фақат нафсни қўлга олиш, ёлғончи ва фоний нознеъматларнинг таъсиридан қутулиб, Жаноби Ҳаққа кўнгил қўйиш билан амалга ошади.
Орифлардан бири ҳикматлар ва ибратлар кўргазмаси бўлган бу оламни оқиллар учун гўзаллик сайридан, жоҳиллар учун эса ейиш ва шаҳватдан иборатдир, деб таърифлаган эди.
Нафсоний орзулар билан ўтказилган умр инсонни ҳалокатга олиб борувчи ҳийла ва мураккабликлар билан тўладир.
Ҳазрати Мавлоно инсоннинг ёшлик вақтида содир бўладиган ўткинчи можароларини ва уларнинг оқибатларини қуйидаги мисоллар билан англатади:
“Эй сен, баҳор гўзаллигига кўнгил қўйган йигит! Кузнинг хазонлари ва қишнинг совуқлари борлигини ҳам унутма!”
“Тонг чоғида қуёш чиқишини кўрганда, оқшом пайтида унинг ўлимни билдирадиган ботишини ҳам унутма”.
“Бу маҳтобли бир кечада ойнинг тўлин ҳолдаги латофатини кўрганингда, унинг ой сўнггида кичик ва кўримсиз ҳолга тушишини ҳам унутма”.
“Инсон тақдири ҳам айни шундай: камоли ва жамоли заволга маҳкумдир”.
“Гўзал ёш йигит, бир қарасанг, халқнинг суюкли ўғло-нига айланади. Орадан кўп ўтмай, қари чолга айланиб, элу халққа кулги бўлади”.
“Агар кумуш танли гўзаллар сенга тузоқ қўядиган бўлса, қарилик келганда уларнинг шудгорга айланган вужудига боқ”.
“Эй ёғли, асалли таомларга кўнгил қўйган киши. Ўрнингдан туриб, ҳожатга бор ва уларнинг ҳолини кўр”.
“Ахлатга қараб: сени таомлик пайтингдаги гўзаллигинг ва ширинлигинг қаерда қолди?” деб сўра.
“У сенга шундай жавоб беради: Сен айтган нарсалар бир ғунча эди. Мен эса бир тузоқ эдим. Сен келиб тузоққа илинган пайтда у ғунча сўлиб қуриди ва хазонга айланди.
“Усталарни ҳайрон қолдирган шундай маҳоратли қўллар бор эдики, охироқибат титрашга тушдилар”.
“Кўзгу каби наргиз боқишли кўзларни, охироқибат мунгли ва ёшга тўлган ҳолда кўрасан”.
“Яна арслонлар сафидан ўрин олган арслон каби бир йигитнинг кун ўтиб, сичқонга мағлуб бўлганини кўрасан”.
“Яна истеъдодли бир санъаткорни қўлидан иш келмайдиган ночор ҳолида кўрасан”.
“Яна ақлу ҳушларни бошдан учирган хушбўй ҳидли зулфу сочнинг, қариликда эшакнинг думи каби бўлганини кўрасан”.
“Бу нарсаларнинг ёш ва латофатли вақтига боқ! Кейин уларнинг асл қиёфасини йўқотиб, не ҳолларга тушганлигини кўр”.
“Чунки бу олам сенга тузоқ қўйган ва шу йўл билан қанча тажрибасизларни паришон ҳолга солгандир”.
“Ҳар кимки, нафснинг асири бўлишдан ва сояларга алданишдан қутулган бўлса, Аллоҳга шу қадар яқинлашади”.
“Гўзаллиги билан ифтихор этган ой каби порлоқ гўзалларнинг юзига боқ! Фақат ёшлигини кўрганинг каби, қарилик ҳолига ҳам назар солки, шайтон каби бир кўзли, яъни нарсанинг дунё томонини кўриб, охират томонини кўрмаслик ҳолатидаги аҳмоқликка тушмагайсан”.
“Шайтон одамнинг тупроқдан яратилганлигини кўрди, лекин улуғлигини кўра олмади. У оламга оид маънавий сифатини била олмади. Шайтон билмаган тараф инсоннинг Ҳақнинг халифаси эканлигидир”.
“Эй инсон, дунёдан бирбиридан зид икки овоз эшитилмоқда. Ажабо, сенинг қалбинг улардан қайси бирига мойил?”.
“Улардан бири Аллоҳга яқинлашганлар, иккинчиси эса алданганларнинг овози”.
“Бу овозлардан бирига ошно бўлдингми, иккинчиси қулоғингга кирмайди”.
“Чунки ошиқ маъшуқасига зид бўлган нарсалар қаршисида ўзўзидан кўр ва карга айланади”.
“Эй мурид! Кўзгуда сўнг кўринган нақшга боқ! Бир гўзалнинг қариликдаги хунуклигини ва бир бинонинг хароба ҳолига келишини унутма ва кўзгудаги ёлғонга алданма”.
“Ҳақ эрлари эшитган овозни аввалроқ эшитган киши нақадар бахтиёрдир”.
Ҳазрати Мавлоно баҳс юритган ва бирбирининг зидди бўлган бу икки овоздан бири – бу дунёга кўнгил қўйиш, иккинчиси эса ундан нафратланишдир. Улардан бирига қулоқ тутиб, амал қиладиган бўлсанг, иккинчисининг зидди ва маҳрумига айланасан. Ҳадиси шарифда: “Дунё ва охират икки кундош аёл кабидир. Бирини қанчалик хурсанд қилсанг, иккинчисини шунчалик хафа қилган бўласан”, – дейилади. Яъни, дунёга даъват овози жой топган кўнгилга охират ҳақидаги насиҳатлар таъсир этмайди. Ўз навбатида охиратга даъват овозига қулоқ тутган кўнгил бу дунёга даъват овозини қабул қилмас.
Дунёга мойиллик ҳисси ўрин олган қалбни тозалаш жуда мушкул бўлади. Қопга теккан ёмон ҳидли нарсадан қутулишнинг йўли қопни оловга ташлаш бўлгани каби, ёмон ахлоқдан қутулиш жойи ҳам жаҳаннамдир.
Жаҳон султонларига йўл кўрсатиб, кўнгил кўзгуси орқали уларга охират манзараларини томоша қилдирган буюк муршиди комил Азиз Маҳмуд Худойи ҳазратлари бу дунёнинг моҳиятини ушбу сатрларида нақадар гўзал тасвирлайди:
Ким кутар сендан вафони,
Ёлғон дунё сен эмасми?
Муҳаммади Мустафони
Олган дунё сен эмасми?
Йўлдан қолма, эй бевафо,
Борми сенда шарму ҳаё,
Неча юз минг эрдан гўё
Қолган дунё сен эмасми?
Қасд қилиб халқнинг ўзига,
Тупроқ тўлдириб кўзига,
Аҳли ғафлатнинг юзига
Кулган дунё сен эмасми?
Хоҳ шоҳ бўлсин, хоҳи банда,
Ҳеч кимсани қилмай канда,
Кимса макон тутмас санда,
Ўтган дунё сен эмасми?
Қанчаларни нолон қилиб,
Қанчаларни гирён қилиб,
Охири кўп зиён қилиб,
Кетган дунё сен эмасми?
Билган ишинг доим ёлғон,
Не зотлардан ортиб қолган,
Неча марта бўшалибон,
Тўлган дунё сен эмасми?
Наҳотки, бани башар бу ўткинчи дунёнинг покланиши замон тегирмони айланиши билан амалга ошишидан ибрат олмаса? Охиратни ўйламай, нафсоний орзуларга эргашиш ва шу тариқа бахтли келажакни таъминлашни режалаштириш нақадар даҳшатли алданишдир.
Болаликни ўйин, ёшликни шаҳват, балоғат ёшини ғафлат билан ўтказиш ва кексаликда қўлдан кетганлар учун ҳасрат чекиш, ўзини ҳар томонга уриб, надомат кўз ёшларини тўкиш ғофиллик билан умр ўтказишнинг аломатларидир. Зикрни лаби ва қалбига яқинлаштирмаган, илоҳий марҳаматдан бенасиба, изтироб чекувчиларнинг дардини ҳис қилишни истамаган бадбахт ва такаббур кишиларни улар қочадиган ўлим ҳар доим пистирмада кутиб туради. Охиратсиз дунё маишатини қўлга киритиш учун дунё гўзалликларига муккасидан кетган, сўнгги кунини ҳам фоний лаззатлар ичида ўтказишга уринганларнинг умри нақадар маъносиздир!
Инсон умумият ла ҳаётнинг минг бир жилвалари ичида кўзгуда акс этган ёлғонларнинг асиридир. Ҳар они бу ёлғон ва вафосизликлардан иборат бўлган дунё сохтакорлик макони бўлмай, нима ҳам бўлар эди?
Эй марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси бўлган Раббим! Бу дунёга келиб, ўзини бир пиёла сув жилвасида ҳалок қилганларнинг оқибатидан бизларни ўзинг асра! Омин.
“Эй инсон, бу оламдаги жунбуш ва дабдабага алданма! Уйқуда кўрган тушингда вужудинг қиймақийма бўлса ҳам қўрқма! Зеро, бу дунё бир уйқудан иборатдир”.
Мавлоно Жалолиддин Румий
Инсоний ҳаётни юксалтириш ёки бўлмаса инқирозга учратиш бобида муҳаббат ва хусумат каби бошқа омиллар топилмаса керак.
Фиръавн ҳазрати Мусо (а.с)нинг тавҳид учун олиб борган курашини ўзининг салтанатига таҳлика ўрнида кўриб, Миср сеҳргарларини бир ерга тўплади ва уларни Мусо (а.с) билан баҳслашишга ундади. “Улар айтдилар: “Эй Мусо, ё сен (қўлингдаги асойингни) ташла, ёки биз (ўзимизнинг қўлимиздаги нарсаларимизни) ташлаймиз”. У (Мусо): “Сизлар ташланглар”–, деди” (“Аъроф” сураси, 115116 оятлар)
Сеҳргарлар Фиръавн ва Миср халқининг кўз ўнгида ерга бир қанча таёқ ва иплар ташладилар. Уларга жон кириб, илон шаклида ҳаракат қила бошлашди. Шундан кейин илоҳий амр билан Мусо (а.с) ҳассасини ерга ташлади. Ҳасса даҳшатли аждарҳога айланиб, уларнинг барчасини ютиб юборди. Сеҳргарлар бунинг сеҳр эмас, илоҳий бир мўъжиза эканлигини тушуниб етдилар. Чунки бу бир сеҳр бўлганида эди, ерга ташланган таёқ ва иплар ўзгармасдан олдинги ҳолида қолган бўлар эди. Ҳолбуки, сеҳргарларнинг нафақат сеҳри йўққа чиқарилган, балки уларнинг таёқ ва иплари ҳам йўқ бўлиб кетган эди. Ушбу мўъжизани кўрган сеҳргарлар: “У сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб: “Барча оламларнинг Парвардигорига Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига имон келтирдик”, – дедилар” (“Аъроф” сураси, 120 оят)
Бундан жаҳли чиққан Фиръавн айтди: “Мен изн бермай туриб, унга имон келтирдингизми? Шубҳасиз бу (қилмишингиз) ушбу шаҳардан унинг аҳолисини чиқариш учун қилган макрингиздир. Энди яқинда билурсиз албатта оёққўлларингизни қарамақаршисига кесурман, сўнгра сизларнинг барчангизни дорга осурман”. (“Аъроф” сураси, 123124 оятлар)
Сеҳргарлар Фиръавнга:
“Биз ўзимизга кўринган мўъжизадан сени устун қўя олмаймиз. Сен истаган фармонингни бер. Истаган зулмингни қил. Сенинг зулминг бизга зарар бера олмайди. Сенинг ҳукминг фақат бу дунё ҳаёти учундир. Лекин биз Аллоҳга қайтгувчилармиз”, – дедилар.
Ҳазрати Мавлоно бу ҳодисани қуйидагича таҳлил қи-лади:
“Малъун ва золим Фиръавн имонга келганлари учун сеҳргарларни ўлим билан қўрқитиб: “Қўлингизни ва оё-ғингизни қарамақаршисига кесурман. Сўнгра сизларнинг барчангизни дорга осурман”, – деган эди”.
“Фиръавн сеҳргарлар сўзларимдан қўрқиб, менга итоат қиладилар, деб ўйлаган эди”.
“Аммо Фиръавн билмас эдики, сеҳргарлар қўрқув ва андишадан қутулиб, илоҳий сир ва ҳақиқатдан хабардор бўлган эдилар”.
“Улар фалак тегирмонига юз марта тушиб майдалансалар ҳам, сояларини ўзларидан ажратиш ирфон басиратини кўрсатган эдилар”.
Яъни, руҳнинг асл, жасаднинг эса бир соя эканлигини тушунган ва тезроқ бу соядан қутулиб, “Фано филлоҳ” мақомига эришишни истар эдилар.
“Эй инсон, бу дунё бир уйқу ва тушдан иборат. Сен бу дунёдаги дабдаба ва амалларга алданиб қолма. Тушингда вужудинг парчапарча қилинса ёки қўлинг кесилса, бундан қўрқишингга ҳожат йўқ”.
Ҳадиси шарифда ҳам пайғамбаримиз (с.а.в): “Бу дунё бир тушдан иборатдир”, – дейдилар.
Маълум бўлдики, сеҳргарларнинг Мусо олдида бўйин эгишлари уларга имон йўлини очди. Фиръавн эса охироқибатда Қизил денгиз сувларида ҳалок бўлди. Ундан қолган ном эса зулм тимсолидан бошқа нарса эмас. Шундай экан, ҳаётнинг тамали ҳаракатларимизга жон бағишлайдиган хаёл, ҳис ва фикрлардан иборат. Инсон муҳаббат ва хусумат орасида тарбия топади. Пайғамбарлар ва авлиёлар инсонни дунё ва охиратда саодатга эриштириш учун ҳаётни ҳақиқат чироғи билан ёритган қуёш кабидирлар. Баҳор тупроққа янгидан жон бағишлагани каби, улар ҳам башариятнинг ўлик димоғига жон бағишлайдилар, инсонларнинг қалбларини фазилатларга тўлдириб, Ҳақ томон йўналтирадилар. Инсоният муҳтож бўлган офият ва яратилиш ғоясига мос ҳаёт шу тарзда шаклланади.
Азалда Жаноби Ҳақнинг ёлғиз Ўзи мавжуд экан, бутун борлиқлар олами (олами касрат) ишқ туфайли вужудга келган эди. Мавжудотлар ичида имтиҳон шартларига тобеъ қилинароқ яратилган инс ва жинлар фақат ва фақат муҳаббат туйғуси билан безатилгандир. Бу заминда ўзларини ҳақир деб биладиган инс ва жинларнинг қалбларини алам ва изтироблардан халос қиладиган нарса ҳам мана шу муҳаббат туйғусидир.
Мавлоно ҳазратлари бу ҳақда шундай дейдилар:
“Пайғамбарлар ва уларнинг ворислари бўлмиш авлиёлар, яъни комил инсонлар аслида инсон қиёфасидаги маънавий қуёшлардир. Уларнинг ҳимоясида бўлки, сенга доимо ёмонлик қиладиган нафсингнинг қўлидан қутуласан”.
Боязид Бистомий ҳазратларига мурожаат қилган бир дарвеш:
“Мени Аллоҳга яқинлаштирадиган бир амал тавсия қил”, – дейди. Боязид Бистомий бу кишига шундай ўгит беради:
“Аллоҳнинг авлиё бандаларини сев! Уларнинг кўнглини олишга урин! Чунки Аллоҳ таоло ҳар куни у орифларнинг қалбига 360 марта назар солади. Бу назарлар давомида Аллоҳ сени ҳам у ерда кўрсин”.
Сулаймон (а.с) Сабаъ маликаси Билқисни имонга даъват этиб, унга бир мактуб юборди. Ўшангача бутпараст бўлган малика мактубни ўқигач:
“Эй азиз инсонлар! Менга шараф тўла бир мактуб келди. Бу мактуб Сулаймон пайғамбарнинг мактубидир. У Меҳрибон ва Раҳмдил Аллоҳнинг номи билан бошланади”, – деди.
Бундай эҳтиромни баъзи олимлар: “Малика ҳазрати Сулаймоннинг мактубига ҳурмат кўрсатиб, унинг қадрлагани учун ҳам имонга эришди”, – деб шарҳлаган эдилар.
Бишри Ҳофий маст ҳолда уйга қайтар экан, йўлда калимаи тавҳид ёзилган қоғоз топиб олди. Бу муқаддас калиманинг йўлда ётишига кўнгли рози бўлмади. Ҳурмат билан қоғозни қўлига олиб, чангини артди. Қоғозга хушбўй нарсалар суриб, эҳтиром билан уни уйининг тўрига осиб қўйди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло унга ҳидоят ва салтанат эҳсон айлади.
Саодат асрида Ҳаким ибн Ҳизом исмли саҳоба бор эди. Ҳазрати Хадичага қариндош бўлган Ҳизом олижаноб, сахий ва яхшиликни севувчи бир киши бўлиб, жоҳилият даврида қизларини тириклай ерга кўмишга қасд қилган кишилардан қизларини сотиб олиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қоларди. Шу одам бир куни пайғамбар (с.а.в)дан: – Жоҳилият даврида қилган яхшиликларимнинг менга фойдаси тегадими, – деб сўради. Пайғамбар (с.а.в):
– Сенинг бу гўзал амалларинг Исломга киришингга сабабчи бўлди”, – деб жавоб бердилар.
Шуни яхши билиш керакки, жаҳоннинг сир ва ҳикмат-лари фақат ҳақиқий кўнгилларда ҳаёт топади. Усмонли салтанатининг ҳеч бир Ислом давлатига насиб бўлмаган олти юз йиллик ҳукмронлиги асл маънавиятга аҳамият берганлиги туфайлидир. Салтанат асосчиси бўлган Ус-мон Ғозийнинг бир уйда Қуръони карим бўлганлиги учун оёғини узатмай ётиши, Ёвуз Султон Салимхоннинг ҳазрати Пайғамбарга тааллуқли бўлган муқаддас омонатларни буюк эҳтиром билан Истанбулга олиб келтириб, улар сақланган жойда қирқ ҳофизи Қуръонга асрлар давомида Қуръони карим ўқитиши ҳам бу буюк маънавиятнинг ёрқин далилларидир.
Аллоҳ таоло Ўзига, пайғамбарларига, авлиёларига ҳурмат кўрсатган жамоаларга абадий раҳмат ва неъмат ёғдиргандир. Шу сабабдан ҳам пайғамбар (с.а.в) Маккада яшаган даврда бу ердаги мушрикларга ҳеч бир зарар келмаган эди. Бу ҳол “Анфол” сурасининг 33оятида шундай таърифланади: “Модомики, сиз уларнинг орасида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас...”. Лекин пайғамбар (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин Маккада қаҳатчилик бошланиб, у ердаги мушрикларнинг очликдан бош кўтаришга ҳоллари қолмаган эди. Ҳушлари бошларидан учиб, осмон кўзларига кўк булут каби кўрина бошлади. Чорасизларча Мадинаи Мунавварага келиб, пайғамбар (с.а.в)дан ёрдам истаган эдилар.
Бундай ҳодисалар баъзиларни ҳидоятга етаклаган бўлса, баъзиларни бадбахтлик гирдобига кўмиб юборган. Шундай ҳодисалардан яна бирини мисол қилиб келтирайлик:
“Суриядаги Ғассоний давлатининг ҳукмдори Жабала ҳазрати Умар замонида Мадинага келиб, мусулмонликни қабул қилди. Ҳажга бориш учун эҳромга кирди. Тавоф қилар экан, бир бадавий араб унинг ипакдан тўқилган эҳромига оёқ босди. Жабала ғазабланиб, бадавийнинг юзига бир мушт туширди. Бадавий ҳазрати Умарга шикоят қилиб борди. Ҳазрати Умар (р.а) Жабалага:
– Қилган амалинг учун хун тўлаб, уни рози қил. Ёки бўлмаса, у ҳам юзингга бир мушт туширади”, – деди. Жабала:
– Мен ҳукмдорман, у эса бир бадавийдир, – деб жавоб берди.
Ҳазрати Умар (р.а):
– Ислом динида бунинг аҳамияти йўқдир. Илоҳий адолат қаршисида иккалангиз ҳам тенгсизлар, – деди.
Шунда Жабала:
– Менга кечқурунгача фурсат беринг. Ўйлаб кўрай, – деди.
Жабала бадавийга бир қанча танга тўлов бериб, уни рози қилишни ўзига ор кўрди. Кечаси ёнидагилар билан қочиб, Визанс императоридан бошпана истади. Динидан қайтиб, муртад бўлди. Орадан кўп ўтмай оламдан кўз юмди. Дунёвий ғурур уни Исломнинг нурли йўлидан узоқлаштирди. Ҳайвоний бир ҳаётнинг нафсоний орзуларига алданиб, абадий ўлароқ жаҳаннам оташида ёнишга маҳкум бўлди.
Шунга ўхшаш яна бир бошқа мисолни келтирамиз:
Эрон ҳукмдори Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в)нинг мактубини йиртиб отди. Одобсизларча у кишини ҳақорат қилди. Аллоҳ таоло ҳам унинг молмулкини ва салтанатини ер билан яксон этди. Хароба бўлган салтанати тарихда ибрат ўлароқ хотираларда қолди.
Пайғамбар ва авлиёлар ҳақиқатидан узоқ қолган, улардан файз ололмаган, илоҳий сирдан баҳраманд бўлолмаганлар ҳақида ҳазрати Мавлоно шундай дейди:
“Сен сўлиган ва руҳи чириган бир кўнгилни илоҳий даргоҳга олиб бормоқдасан. Аллоҳ таоло: “Эй жоҳил инсон! Бу ер қабрмидики, ҳузуримга ўлик қалб билан келмоқдасан”, – дейди”.
Мавлоно баркамолликка эришиши учун инсон руҳий тарбияга муҳтож эканлигини бир қанча байтларида таърифлаган:
“Қаноти чиқмаган қушча учмоқчи бўлса, ерга тушар ва ёвуз мушукка луқма бўлур... Қанотлари чиққандан кейин эса ҳеч заҳмат чекмасдан юксакларда парвоз қилар...”
Бошқа бир байтида эса моддий тараққиётнинг руҳий тараққиёт қаршисида ҳеч эканлигини шундай таърифлайди:
“Осмонлар кўринишда юксакдирлар. Лекин маънавий юксаклик ва ҳақиқий олий даража покиза руҳларга хосдир”.
“Юксакликнинг сурати жисмлардадир. Жисмлар эса маънога нисбатан исмдан иборатдир”.
Парвардигоро, қалбларимизни Қуръон нуридан, Аллоҳ ҳабибинг ва авлиёларинг муҳаббатидан айирма!... Омин!
Агар бизни ва розилигимизни истасанг, бунинг кўнгилларни ишғол қилиш билан амалга ошишини унутма.
Мавлоно Жалолиддин Румий
Имоннинг илк меваси марҳаматдир. Марҳаматдан узоқ бўлганлар ҳақиқий маънода ҳаёт эгаси эмаслар. Ҳар бир яхшиликнинг бошланиши бўлган “Бисмиллоҳ” ва “Фотиҳа” суралари Меҳрибон ва Раҳмдил Аллоҳнинг номи билан бошланади. Пайғамбар ва авлиёларнинг ҳаётлари ҳам марҳамат қиссалари билан тўладир.
Илоҳий ахлоқ билан ахлоқланишнинг энг табиий натижаси марҳаматли қалбга соҳиб бўлишдир. Ибодатларнинг, жумладан ҳажнинг ҳақиқатига шундай қалб билан эришиш мумкинлигини Мавлоно мана бу ҳикоятда қуйидагича таърифлайди: